Қашқадарё тараққиётининг янги босқичи: инвестиция, саноат ва аҳоли фаровонлиги сари
Сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги беш йилда ҳудудга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши натижасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад уч баробарга ошди.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ишга туширилган корхоналар фаолияти, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда ҳудудни ривожлантириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди. Умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларнинг 69 таси аллақачон ишга туширилган. Мазкур лойиҳалар вилоятнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Жумладан, “Sulton Tex Group” корхонасида 54 миллион долларлик инвестиция эвазига мато бўяш ва ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Корхонада йилига 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш ва 840 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Сувнинг 95 фоиздан ортиғини қайта ишлатиш тизими ва қуёш панелларининг жорий этилгани эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш баробарида, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қаршидаги “FM World” корхонасида эса 20 миллион доллар хорижий инвестиция асосида “Насаф” русумли тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспортни йилига 50 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бу каби лойиҳалар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллий корхоналар кооперациясини ривожлантириш ва малакали кадрларга талабни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ хўжалигида ҳам замонавий ёндашувлар кенг жорий этилмоқда. “Qashqadaryo Jingu” пахтачилик кластерида томчилатиб суғориш технологияси орқали сув сарфини 30–40 фоизга камайтиришга эришилмоқда. Ғузор туманида ташкил этилган кўчатчилик маркази эса ҳудудни кўкаламзорлаштириш, сувни тежаш ва янги даромад манбаларини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш, яйловлардан самарали фойдаланиш ва сув инфратузилмасини яхшилаш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Иқтисодий ўсишнинг энг муҳим натижаси аҳоли турмушида акс этиши керак. Қамаши туманидаги Чим маҳалласи мисолида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, йўл ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, оилавий корхоналар орқали бандликни таъминлашнинг амалий натижалари кўринмоқда. Ҳудудда янги бизнес субъектлари очилиб, хизмат кўрсатиш тармоғи кенгайган, ишсиз фуқароларнинг бир қисми кичик ишлаб чиқариш ва хонадон тадбиркорлигига жалб этилган.
Вилоятда касб-ҳунар таълимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий техникумда дуал таълим асосида ёшларни меҳнат бозори талабларига мос касбларга ўргатиш, йирик корхоналар билан ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилган. Бу эса янги ишлаб чиқариш қувватларини малакали мутахассислар билан таъминлаш имконини беради.
Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ушбу иқтисодий салоҳиятни янада кенгайтириш ва уни аҳоли фаровонлигига йўналтиришга қаратилди. Хусусан, келгуси уч йилда 20 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 50 мингта иш ўрни яратиш мақсад қилинди. Бунинг учун Ғузор, Шўртан, Муборак, Деҳқонобод ва Нишон туманларида саноат кластерларини ривожлантириш, эркин иқтисодий зона имкониятларини кенгайтириш, кимё саноати ва полимер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга янги инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Айниқса, мавжуд саноат корхоналари атрофида кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш маҳаллий кооперацияни кучайтириб, янги тадбиркорлар учун ҳам имкониятлар яратади.
Энергетика ва инфратузилма йўналишларидаги ташаббуслар ҳам вилоятнинг узоқ муддатли ривожланиши учун жуда муҳимдир. Жумладан, 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва 75 мегаватт-соат қувватли энергия сақлаш тизимини барпо этиш, чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, электр тармоқларини модернизация қилиш, сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳалар белгиланди. Бу ишлар аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор фаолияти учун зарур шароит яратади.
Қишлоқ хўжалигида сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда фермерлар даромадини ошириш ҳам устувор вазифалардан саналади. Бу борада 100 минг гектар яйловда озуқабоп экинлар етиштирилиши, қўшимча ер майдонларини аниқлаб, суғориш тармоқларини таъмирлаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш чорвачилик учун озуқа базасини мустаҳкамлаш, сув танқислигининг таъсирини камайтириш ва қишлоқ аҳолиси учун янги даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Қашқадарёдаги вазифалар инвестиция жалб қилиш билан бирга саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантиришни ҳам қамраб олади. Асосий мақсад — лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш. Бунинг учун ишлар ижросини назорат қилиш, тадбиркорлар муаммоларини тезкор ҳал этиш ва инвестициялар самарадорлигини таъминлаш муҳимдир.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари