Asosiy kontentga o‘tish
Жума 18-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Қонликўлда тадбиркорлар ва аҳоли муаммоларига амалий ечимлар белгиланди

18.09.2026
109

O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Қорақалпоғистон Республикасида ислоҳотлар ижросини ўрганиш ва аҳоли муаммоларини жойида таҳлил қилиш ишлари Қонликўл туманида ҳам давом этди. Ўрганишлар давомида ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий хизматлар, қишлоқ хўжалиги, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, йилига 10 минг тонна пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Kanteks Invest” МЧЖ фаолияти кўздан кечирилиб, аниқланган муаммолар ўрганилди. Муаммолар юзасидан тегишли идораларга сўровлар киритиш бўйича чоралар белгиланди.

Тадбиркорлар билан мулоқотларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. “Kanteks Invest” МЧЖда ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилаётган ортиқча электр энергиясини сотиш масаласи ҳам кўриб чиқилди, “LAN-C” МЧЖда эса қизилмия экстракти ишлаб чиқариш жараёни, меҳнат шароитлари ҳамда жамоа билан очиқ мулоқот ўтказилди. Шу билан бирга, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти таҳлил қилиниб, аҳолига 132 турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилаётгани, уларни рақамлаштириш ва манзилли етказиш масалаларига эътибор қаратилди.

Қишлоқ хўжалигида юқори даромадли йўналишларни ривожлантириш бўйича “Арзимбетқум” овулидаги “Ер олтин хазинам” фермер хўжалиги тажрибаси ҳам ўрганилди. Хўжаликда анъанавий экинлар билан бир қаторда эржевика, годжи, малина каби ноёб мевали экинлар, доривор ўсимликлар ҳамда помидорнинг янги навлари етиштирилмоқда. Шунингдек, Қонликўл, Шуманай ва Қўнғирот туманлари фермерлари иштирокида пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости сабзавот экинларини экиш бўйича амалий семинар ўтказилиб, томорқа, боғ қатор оралари ва дала четларидан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди. Бу ишлар ердан унумли фойдаланиш, маҳсулот турини кўпайтириш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам аниқ натижалар қайд этилди. Қонликўл туманида 6 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашилди, ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оилага жами 14 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур уй-рўзғор жиҳозлари етказиб берилди. Шунингдек, 4 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар, 3 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 2 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси, 2 нафар фуқарога ногиронлар ҳассаси ҳамда 3 нафар фуқарога санаторий йўлланмалари берилди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?