Қорақалпоғистонда жамоатчилик эшитуви: хусусий тиббиётни ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш масаласига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Йиғилишда фракция аъзолари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва жамоатчилик иштирок этди, соҳа ривожи ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Хусусий тиббиёт муассасалари сони 2020 йилда 235 та бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 378 тага етди. Янги клиникалар ишга туширилди, 114 та янги иш ўрни яратилди, барча клиникалар замонавий МРТ, УЗИ ва бошқа юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланмоқда. Шу билан бирга, ногирон ва кам таъминланган оилалар учун бепул тиббий хизматлар кўрсатилмоқда, “Рамазон” ойида бепул кўриклар ташкил этилмоқда.
Хусусий сектор ва давлат ҳамкорлигида Давлат тиббий суғуртаси жорий қилинди, бу орқали аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул хизмат кўрсатиш имкони пайдо бўлди. 2025 йилда суғурта жамғармаси томонидан 1 979,7 млрд сўм, 2026 йилда эса 2 260,3 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, хорижий инвестиция ва грантлар жалб қилиниб, янги тиббиёт муассасалари қурилди ва замонавий ускуналар етказиб берилди.
Жамоатчилик эшитуви давомида соҳа муаммолари муҳокама қилинди, таклифлар киритилди ва уларни ўрганиш бўйича келишувга эришилди. O‘zLiDeP фракцияси соғлиқни сақлашда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш масалаларини доимий назоратда ушлаб боради.