Қорақалпоғистонлик креатив ёш тадбиркорлар учун амалий тренинг ўтказилди
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар қаноти ташаббуси билан “Тадбиркор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. “Креатив ёш тадбиркор” мавзусидаги реклама тренинги ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятида замонавий маркетинг ва реклама воситаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилди.
Учрашувда Нукус шаҳрининг илғор ёш тадбиркори Рашид Бабажанов ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, шахсий бренд яратиш, мижозлар билан ишлаш маданияти ва ижтимоий тармоқларда самарали контент тайёрлаш бўйича амалий тавсиялар берди.
Тадбир давомида ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида видеороликлар ҳамда инфографикалар тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди. Иштирокчилар ўз бизнес лойиҳалари учун реклама материаллари ишлаб чиқиш ва уларни ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш бўйича муҳим кўникмаларга эга бўлдилар.