“Қозикенти”лик Дилдора Давронова “Ишбилармон аёл”нинг вилоят босқичида қатнашади
O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ўтказилган “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг Жондор туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда 16 нафар тадбиркор аёл ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди. Танловда иштирокчиларнинг ташаббуслари, бошқарув кўникмалари, инновацион ёндашувлари ва иқтисодий самарадорликка қаратилган ғоялари ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов якунларига кўра, 1-ўрин “Қозикенти” МФЙ вакили Дилдора Давроновага насиб этди. У 2022 йилдан буён тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиб, ҳозирги кунда маҳалладаги тикув цехида 8 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлаб келмоқда. 2-ўрин “Хўжахайрон” МФЙ вакили Нозима Ҳақназаровага берилди. У раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш цехларида жами 43 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда, бир мавсумда эса 5 минг донагача пенал ва сумкалар тайёрланиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.
3-ўрин “Хумин” МФЙ тадбиркори Ҳилола Бекмуродовага насиб этди. Илгари “Аёллар дафтари”да бўлган тадбиркор бугунги кунда ўз хонадонидаги 3 сотихли иссиқхонада эртапишар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, оилавий даромадини ошириб келмоқда.
Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.