O'zLiDeP ташаббуси: 200 нафар ургутлик хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди
Ургут туманида O’zLiDePнинг “Саломатлик сари” лойиҳаси доирасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли тиббий кўриклар ташкил этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Абдуллева бошчилигида ўтказилган тадбирда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш асосий мақсад этиб белгиланди.
Ургут тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Янги ариқ” оилавий шифокор пунктида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг малакали мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Радиолог, кардиолог, акушер-гинеколог, офталмолог, педиатр ва бошқа йўналишлар бўйича шифокорлар томонидан 200 нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур тиббий тавсиялар ва йўлланмалар берилди.
Шунингдек, ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларига бориб тиббий хизмат кўрсатилиши аҳоли учун янада қулайлик яратди. Бундай тадбирлар чекка ҳудудларда яшаётган аҳоли қатламига сифатли тиббий хизматни яқинлаштириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилмоқда.