Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 10-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Ўрта йўлак — Европа бозорларига чиқиш имконияти

10.09.2026
83

Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатларда томонларнинг ўзаро ҳурмат, миллий манфаатларни инобатга олиш ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилишга интилиш яққол намоён бўлмоқда.

Хусусан, 2025 йил сентябрь ойида ШҲТ доирасида Пекинда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида самарали мулоқот бўлиб ўтган эди.

Шу билан бирга, Сербия Президентининг ўтган йил 28–30 октябрь кунлари юртимизга амалга оширган расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни яратди.

Жорий ташриф эса бошланган ҳамкорлик алоқаларни Стратегик шериклик муносабатлари даражасига кўтарди. Яъни, музокаралар якунида давлат раҳбарлари томонидан Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Натижада давлатларимиз ўртасида узоқ муддатли, тизимли ва кўп соҳали ҳамкорликни ривожлантириш учун юқори даражадаги сиёсий келишув ва ишонч ришталарига асос вужудга келди.

Бундан ташқари, йигирмадан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар, хусусан, Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисида, Автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш тўғрисида, Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида, Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида, Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида, Қайта тикланувчи энергетика ва “яшил” технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан. Юқорида қайд этилган соҳаларда имзоланган ҳужжатлар давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар йўналишлари кўламининг кенг эканлигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, давлатлараро ҳамкорликда савдо иқтисодий, транспорт йўлакларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, Сербия Болқон яриморолидаги давлат сифатида қадим дан Европа минтақасини Яқин Шарқ ва Евроосиё билан боғлаб турувчи, минтақавий транспорт коридорлари кесишадиган геостратегик ва геоиқтисодий муҳим ҳудуд ҳисобланади. Шу боис, Транскаспий коридори орқали “Марказий Осиё — Болқон” транспорт йўлакларини ривожлантириш томонлар учун имкониятларни кенгайтиради.

Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз учун “Ўрта йўлак”нинг иқтисодий аҳамияти ортиб бормоқда. Ушбу йўлак миллий маҳсулотларимизни дунё бозорларига етказиш учун анча самарали ҳисобланади. Бунинг учун ҳамкорликда темир йўл ва автомобил йўлларини ривожлантириш, Каспий ва Қора денгиз, Дунай портлари билан боғлиқ логистика занжирини яратиш, божхона жараёнларини соддалаштириш, мультимодал ташувлар учун ягона таъриф механизмларини ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга.

Президентимизнинг Сербия Республикасига амалга оширган расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши, шубҳасиз.


Хушвақт ХАЙИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?