Сайловчилар билан мулоқотлар янада кучайтирилади
Давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарида сўзлаган нутқлари, Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар бугунги кунда сиёсий партиялар фракциялари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни вақтда ЎзЛиДеП фракцияси фаолияти, депутатларимизнинг ишчан саъй-ҳаракатлари ҳамда қонун ижодкорлиги учун ўзига хос дастур бўлиб хизмат қиляпти. Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар ва ташаббуслар фракциямиз фаолиятини янада фаоллаштириб, янги мақсадларга кенг йўл очмоқда.
Фракциямиз 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам ўз фаолиятини ана шундай ёндашув асосида изчил олиб борди. Фаолиятимизда қонун ижодкорлиги алоҳида устувор аҳамият касб этиб, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилувчи ҳужжатлар ишлаб чиқишда белгиланган норма ва қоидаларга қатъий риоя этилмоқда.
Ўтган даврда фракциямиз ташаббуси билан 1 та мустақил ва 2 та ҳамкорликдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди. Хусусан, бир гуруҳ депутатларимиз томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилиб, қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун жамиятда ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ахборот маконида одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этилишини кучайтириш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатларни тайёрлашда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолият юритишлари учун қулай шароит яратиш ва ортиқча тўсиқларни бартараф этишга алоҳида аҳамият берилди. Қолаверса, иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, суғурта бозорига ишончни ошириш ва тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган муҳим қонунлар қабул қилинди.
Буларнинг барчаси, аввало, инсон қадри учун хизмат қилмоқда, одамларимизнинг мушкулини осон қилиб, жамиятда адолатни таъминламоқда. Бу эса, давлатимиз раҳбарининг қонун қабул қилиндими, у, албатта, ишлаши керак ва одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлиши лозим, деган фикрлари ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан далолат беради.
Фракция фаолиятида парламент назорати ҳам муҳим ўрин тутди. Долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотларини эшитиш, улар фаолияти устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, фракциямиз ташаббуси бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да мамлакатимизда инвестиция фаолиятини ривожлантириш ҳолати, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ҳудудларда саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, транспорт ва логистика соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва юк ташиш хизматларини такомиллаштириш масалалари ҳам диққат марказимизда турибди. Бундай амалий назорат тадбирлари мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, ташқи бозорлардаги ўзгаришлар таъсирини юмшатишда муҳим аҳамият касб этади.
Сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида жойларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлат бошқаруви органлари раҳбарларига 10 та депутат сўрови юборилди. Натижада уларни тезкор ҳал этиш, масъул идоралар фаолиятига аниқлик киритиш ҳамда ижро интизомини кучайтиришга эришилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолини қийнаётган масалаларни очиқ муҳокама қилиш ва амалий ечим ишлаб чиқишга қаратилган тадбирлар мунтазам ташкил этилди. Янги ва замонавий мулоқот форматларидан фойдаланилди.
Мамлакатни 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида фракция аъзолари Қонунчилик палатаси гуруҳлари таркибида жойларга чиқиб, ўрганиш ишларини олиб борди. Қабул қилинган қарор ва дастурларнинг жойларда қандай амалга оширилаётгани, уларнинг самарадорлиги ва аҳоли ҳаётига таъсири чуқур таҳлил қилинди.
Президентимиз раислигида ўтган йиғилишларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кенг кўламли ўрганишларни амалга оширди. Ушбу учрашувларда 1 400 дан ортиқ иштирокчи қамраб олинди. Ўрганишлар давомида саноат корхоналари, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш объектлари, хизмат кўрсатиш соҳаси, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар, иқтисодий ва саноат зоналари фаолияти билан танишилди.
Очиқ мулоқотлар жараёнида тадбиркор, фермер, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, ёшлар ҳамда мутасадди раҳбарлар томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Инфратузилма, молиявий ресурслар, экспорт жараёнларидаги тўсиқлар, кадрлар тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу жараёнларга партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари ҳам фаол жалб этилди. Улар билан ҳамкорликда жойлардаги мавжуд ҳолат ҳар томонлама ўрганилиб, электоратни ўйлантираётган муаммолар аниқланди ва ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Фракциямиз фаолиятида партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳам муҳим ўрин эгаллади. Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш каби устувор йўналишларда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, “солиқ – маҳалла тараққиёти гарови” тамойили асосида минглаб маҳаллаларда тарғибот ишлари олиб борилди. Фермер ва деҳқонлар билан юзлаб учрашув ташкил этилиб, муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам берилди. “Ташаббусли бюджет” доирасида эса аҳоли манфаатларига дахлдор 60 та лойиҳа танлаб олиниб, амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Мамлакатимиз Президентининг февраль ойида ёшлар билан учрашувида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт йўналишларидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш ва менторлик асосида ривожлантириш эътибор марказимизда турибди.
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатни янада кучайтириш, айниқса, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу дастур давомида “маҳалла еттилиги” ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими яратилади.
Шу ўринда фракциямиз аъзолари халқаро парламент платформаларида фаол иштирок этаётганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, 3 апрель куни Бухоро шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида фракциямиз аъзолари икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни қонунчилик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Бу эса парламентлараро мулоқотларни янги босқичга олиб чиқиш, давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлашда фракциянинг фаол иштирокини яққол намоён этмоқда.
Албатта, эришилган натижалар билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳам бор. Келгусида ҳам юртимиз тараққиёти йўлида фаол иштирок этиб, халқимиз ишончини оқлашга, аввало, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга, сайловчилар билан мулоқотни янада кучайтиришга, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси устидан доимий парламент назоратини олиб боришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.