Самарқандлик хотин-қизларга “Тадбиркорликни нолдан бошлаш” бўйича таклиф-тавсиялар берилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Самарқанд давлат ветеринария медецинаси, чорвачилик ва биотехнология университетида “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасида “Тадбиркорликни нолдан бошлаш” мавзусида маҳорат дарси бўлиб ўтди.
– Тадбиркорлик – бу фақат молиявий эркинлик эмас, балки ўз орзуларингизни рўёбга чиқариш, мустақил қарор қабул қилиш ва жамиятга фойда келтириш имкониятидир, – дейди “Soxiba Art” бренди асосчиси, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ўқув курси тренери, Соҳиба Қодирова. – Бугунги тадбир хотин-қизларга ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатди, десак муболаға бўлмайди.
Тадбирда хотин-қизларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес фаолиятини тўғри ташкил этишга ўргатиш бўйича таклиф-тавсиялар муҳокама қилинди. Шунингдек аёлларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хусусан, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш орқали оилавий бизнесни ривожлантириш ва ўзини-ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш йўллари ҳақида фикр юритилди.