Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 02-Сентябр 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Самарқандда “Ишбилармон аёл–2025” ғолиблари аниқланди

29.08.2025
132

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Самарқанд вилоятида “Ишбилармон аёл–2025” кўрик-танлови ўтказилди.

Танловда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 742 нафар ишбилармон хотин-қизлар қатнашиб, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва фермерлик йўналишларидаги ютуқлари билан беллашдилар. Саралаш босқичлари якунларига кўра, 42 нафар иштирокчи ғолиб сифатида тақдирланди, 14 нафар энг истиқболли аёллар эса вилоят босқичида беллашиш имкониятига эга бўлдилар.

Ҳудудий-республика босқичида биринчи ўринга қўшработлик тадбиркор аёл Зебинисо Абдуразоқова, иккинчи ўринга ургутлик ҳунарманд Муқаддам Жабборова, учинчи ўринга эса тойлоқлик фермер аёл Мавлуда Ҳайдарова муносиб деб топилди. Шунингдек, 5 нафар иштирокчи турли номинацияларда эътироф этилди, 40 дан зиёд хотин-қизлар эса эсталик совғалар билан тақдирландилар.

— 15 йилдан бери қандолатчилик билан шуғулланиб келаман, — дейди танлов ғолиби Зебинисо Абдуразоқова. — Аввал ўз хонадонимда иш бошлаган бўлсам, ҳозирда “KEYK LEDI ZEBO” номи билан қандолатчилик цехим фаолият кўрсатмоқда. Цехимизда 10 нафар ишчи доимий банд, 100 дан ортиқ шогирдларга пишириқларни тайёрлаш сир-асрорларини ўргатдим. Маҳсулотларимизнинг ички бозорда харидоргирлиги ва бу каби танловларда эътироф этилиши мени янада янги мақсадлар сари руҳлантиради.

Сайтни янги дизайни ёқдими?