Саноат зоналарида инфратузилма ва электр таъминотидаги муаммолар кўтарилди
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари минбари” лойиҳаси доирасида кичик ва ёшлар саноат зоналари фаолияти юзасидан депутатлик эшитуви ўтказилди. Тадбир тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечимлар ишлаб чиқишга қаратилди.
Эшитувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, Андижон вилоятида 44 та кичик ва ёшлар саноат зоналари фаолият юритмоқда. Уларда жами 1265 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, 1030 таси ишга туширилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 1 трлн 571 млрд сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 18 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Муҳокамалар давомида электр таъминоти, кадастр ҳужжатлари ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар танқидий кўтарилди. Уларни бартараф этиш мақсадида инфратузилмани яхшилаш учун қўшимча маблағлар ажратиш, самарасиз лойиҳалар ўрнига салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.