Сайёр қабулда 50 та мурожаатнинг 30 таси жойида ҳал этилди
“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Навоий вилояти Хатирчи туманида ўтказилган сайёр қабулда 300 га яқин фуқаро иштирок этиб, ўзларини қийнаётган муаммолар ва таклифларини билдириш имконига эга бўлди. Қабул давомида жами 50 дан ортиқ мурожаат келиб тушиб, уларнинг 30 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга расмий сўровлар юборилиб, ижроси назоратга олинди.
Мурожаатлар асосан ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларни қамраб олди. Шунингдек, кексалар учун Самарқанд шаҳрига маърифий саёҳат ташкил қилиниб, улар Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди. Бу ташаббус фуқаролар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.
Сайёр қабул доирасида имконияти чекланган фуқаролар хонадонларига ҳам борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 21 ёшида автоҳалокатга учраб, 36 йилдан буён ногиронликда яшаётган фуқарога сиҳатгоҳга йўлланма расмийлаштириб берилди. Бундай амалий ишлар “Халқ билан бирга” дастурининг инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганини яна бир бор намоён этди.