Спорт мусобақаларининг Самарқанд вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан бошланғич партия ташкилотлари фаоллари ўртасида O‘zLiDeP кубоги спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мусобақанинг Самарқанд вилояти босқичи Самарқанд шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида кўтаринки руҳда ўтди. Вилоятдаги 16 та туман ва шаҳар босқичларида 200 нафардан ортиқ фаол иштирок этиб, ўз маҳорат ва жисмоний тайёргарлигини намойиш этди.
Туман ва шаҳар босқичларида А, В ва С лигалари бўйича биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар вилоят босқичида ғолиблик учун баҳс олиб борди. 48 нафар иштирокчи қатнашган мусобақа якунига кўра, “А” лигада Азиз Бошмонов, “В” лигада Азим Раҳмонов, “С” лигада эса Хуршида Рабобова биринчи ўринни қўлга киритди.
O‘zLiDeP кубоги нафақат партия фаолларининг жисмоний фаоллигини ошириш, балки бошланғич партия ташкилотлари ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди. Бундай мусобақалар соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш ҳамда фаол ва ташаббускор партия аъзоларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.