Шириндаги сайёр қабулда 51 мурожаатга ечим топилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Ширин шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда сенатор, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова, маҳаллий депутатлар ва тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Қабулда фуқаролардан жами 76 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 51 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Сайёр қабул давомида иш билан таъминлаш, ер ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, солиқ, турар жойни таъмирлаш, канализация, электр таъминоти, болалар майдончасини ёритиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишга оид масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, А. Саримсоқов ва М. Ҳамидованинг бандликка оид мурожаатлари ҳамда Ш. Акрамовнинг иссиқхона учун ажратилган ер майдонига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича мурожаати юзасидан амалий ечимлар белгиланди.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича ўрганилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу каби очиқ мулоқотлар аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.