Таълим сифатини ошириш, педагогларни тайёрлаш ва малакасини юксалтириш тизими такомиллаштирилади
Сўнгги йилларда Ўзбекистон таълим тизими замонавий дунё талабларига мослашиш йўлида янгиланиб, такомиллашиб бормоқда. Бу жараёнда таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг сезиларли даражада ошиши муҳим роль ўйнамоқда.
Зеро, охирги етти йилда соҳага ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада ошди. Бунинг ҳисобига мактабларда 1 миллион ва боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилди. Натижада, мактабгача таълим қамрови 3 баробарга ошиб, 78 фоизга етди. Бу, албатта, инфратузилмавий ислоҳотларда катта босқичдир.
Аммо, таълим тизимининг самарадорлигини ошириш учун фақат инфратузилмага эътибор қаратиш етарли эмас. Педагогларнинг малакаси ва сифати, таълим жараёнининг самарадорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соҳадаги мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиб, педагог-кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштиришга бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Таълим тизимидаги ўзгаришлар, хусусан, илғор мамлакатлар тажрибасига мослаштирилган янги дастурлар, замонавий дарсликлар ва жиҳозлар билан бирга, муаллимларнинг малакаси ва янги методикаларни ўзлаштириш даражаси ҳақидаги саволларни ҳам кўтаряпти. Яъни, таълим тизимидаги модернизация фақат моддий жиҳатдан эмас, балки педагогларнинг касбий ривожланиши, янги таълим технологияларини ўзлаштиришига ҳам боғлиқ.
Мазкур жараёнда икки йил олдин тоифа бериш тизими шаффоф, рақамлашган платформага ўтказилгани ҳақиқий аҳволни кўрсатди. Ўтган йили 341 минг ўқитувчи янги тизим асосида тоифага топширган бўлса, шундан 102 минг нафари имтиҳондан ўта олмаган. Бу муаммони ҳал этиш учун таълим тизимидаги ислоҳотларни тезлаштириш бўйича “фавқулодда тўқсон кунлик” тартиби жорий этилади. Таълим сифатини ошириш, педагогларни тайёрлаш ва малакасини юксалтириш тизими мукаммаллаштирилади.
Давлатимиз раҳбари таълимда сифат бўлиши учун энг аввало, педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бунга тайёр бўлиши кераклигига алоҳида урғу берди. Шундан келиб чиқиб, Авлоний малака ошириш институти трансформация қилиниб, унинг 13 та ҳудудий маркази қайта ташкил этилиши белгиланди.
Бугунги кунда таълим тизимидаги ўзгаришлар, янги дастурлар, замонавий дарсликлар ва технологиялар муаллимлардан юқори малака ва янги билимларни талаб қилади. Авлоний малака ошириш институтининг трансформацияси муаллимларнинг малакасини оширишга қаратилган ишларни ҳудудий миқёсда ташкил этиш имконини беради. Бу, муаллимларнинг ўз ҳудудларида ўқиш имконини яратиб, уларнинг вақт ва маблағларини тежайди.
Яна бир эътиборли жиҳат, Авлоний номидаги малака ошириш институти андозаси энди ҳудудлардаги малака ошириш марказларига ҳам кўчади. Бунда фақат бинолар қуриш, атрофини ободонлаштириш эмас, балки у ердаги муҳит, моддий техник база, малакали кадрлар, билим ва тажриба ҳам бирхиллаштирилади.
Жорий йилда педагогика олийгоҳлари ва малака ошириш марказларидан камида 5 нафардан, ҳар бир тумандан шунчадан муаллим хорижга юборилиши уларнинг жаҳон таълим тизимидаги энг яхши амалиётлар билан танишишига, янги педагогик ёндашувлар, методикалар ва технологияларни ўрганишига имкон беради. Бу ўз навбатида, таълим тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, биз депутатлар белгиланган мақсад ва вазифаларнинг самарали амалга оширилишини назорат қилишга, таълим тизимидаги ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашга янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур. Зотан, сифатли таълим — келажак пойдеворидир.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати