Сўнгги 7 ойда Хоразм вилоятида 4 400 та янги корхона ташкил этилди
Урганч шаҳридаги IT PARK Хоразм филиали мажлислар залида O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича OʻzLiDeP Хоразм вилояти Кенгашининг олдида турган вазифалар тўғрисида фикр юритилди.
Таъкидланганидек, 2016 йилда Хоразм вилоятида 10 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 мингтага етди. Жорий йилнинг ўтган етти ойи мобайнида вилоятда 4 400 та янги корхона ташкил этилди.
Депутатлар давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сонини янада ошириши ва тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим дастуриламал бўлиши қайд этилди.