O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг XVII мажлиси бўлиб ўтди
Шу йил 27 июлда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг XVII мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сиёсий Кенгаш аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари вакиллари, партия фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов бошланиши эълон қилингани тўғрисида сўз юритилиб, мазкур сиёсий жараёнда партиянинг иштироки билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур сайлов янгиланган Конституция кучга кирганидан кейин илк бора бўлиб ўтадиган ўта муҳим сиёсий жараёндир. Конституцияда белгилаб қўйилган муҳим қоида – давлатнинг демократик йўлдан тараққий этишини таъминловчи асосий омил айнан сайловлар эканлиги, ҳокимиятнинг ягона манбаи бўлган халқ ўзининг ушбу ваколатини айнан сайловлар орқали амалга оширади.
ЎзЛиДеП сайловларга уларнинг мамлакатимиз, халқимиз келажаги учун муҳим сиёсий аҳамиятидан келиб чиқиб ёндашмоқда.
Сиёсий Кенгаш аъзолари масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, ЎзЛиДеПнинг бўлажак сайловда фаол қатнашиши лозимлиги тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилинди.
ЎзЛиДеП яқин кунларда Марказий сайлов комиссиясига Сиёсий Кенгашнинг партиянинг сайловда иштирок этиши тўғрисидаги қарорини ўзида акс эттирган мурожаатномасини топширади ва сайловчилар имзоларини йиғишга киришади.
Шу асосда ЎзЛиДеП 2024 йилги парламент сайловларига ўзининг мутлақо янги стратегияси билан кириб келиши белгиланди. Сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегия дорасида ЎзЛиДеП халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, 3 миллиондан ортиқ хонадонга кириб чиқишни, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини олишни мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Партия ўз сайловолди дастурини ишлаб чиқишдан олдин халқимизни қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганишга, одамларни ўйлантирган масалаларнинг моҳиятига етишга ҳаракат қилиши, бунинг учун кенг қамровли жамоатчилик эшитувларини ташкил этилиши ҳамда муаммоларнинг ечими устида экспертлар билан бирга ишланиши қайд этилди.
Йиғилишда партиянинг сайловда иштироки билан боғлиқ барча масалаларни атрофлича мувофиқлаштириб борадиган сайловолди штабини ташкил этиш ҳамда штабга партия фаоллари билан бир қаторда замонавий сайлов технологиялари ва тарғибот йўналишида етук билимга эга мутахассисларни жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, партиянинг I Конгрессини чақириш ва шу муносабат билан ҳудудий партия ташкилотларининг конференцияларини ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Мажлис ниҳоясида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ахборот хизмати