Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш имконияти яратилади

12.01.2025
792

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф – муҳитни асраш” ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури лойиҳасида партия мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган муҳим вазифалар ўрин олган. Жумладан, мамлакат иқтисодиётини янги сифат босқичига олиб чиқиш учун иқтисодий ўсишни камида 6 фоиз даражада таъминлаш, экспорт салоҳиятини ўрганиб, тадбиркорлар билан “корхонабай” ишларни ташкил қилиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш белгилаб қўйилган.

Депутатлар Давлат дастури мамлакатимиз барқарорлиги, аҳоли фаровонлигини кафолатлашга хизмат қиладиган муҳим стратегик ҳужжат эканлигини, ундаги ҳар бир вазифа халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш, мамлакатимиз салоҳиятини оширишга йўналтирилганини таъкидлаб ўтдилар.

Ушбу дастурий ҳужжатда назарда тутилган атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” борасидаги вазифалар партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган кўплаб ташаббуслар ва ғоялар билан муштараклиги, ундаги чора-тадбирлар партия электорати манфаатларига уйғунлиги эътироф этилди.

Депутатлар Дастур лойиҳаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ўз муносабатлари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Дастур лойиҳаси муҳокамасида ЎзЛиДеП ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси, партиянинг ҳудудий кенгашлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, барча фаоллари ўз таклифлари, тавсияларини бериш билан бирга, бу жараёнга фаол ва ташаббускор иштирок этиши лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, депутатлар тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча маротаба жавобгарликка тортилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига шахснинг содир этган айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир маротаба жавобгарликка тортилишини таъминлаш ва солиқ маъмуриятчилигининг янада такомиллаштирилишига қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мунозаралар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдириб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани ва ҳужжат матнида акс этганлигини қайд этдилар.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни либераллаштириш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектлари олдидаги мажбуриятларни камайтириш, уларнинг айланма маблағларини бизнесни ривожлантиришга йўналтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Фракция аъзоси Дилмурод Артиқов қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдириб, лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига аҳолига суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилаётганини қайд этди. Яъни, у билан суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартиби белгиланмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг суд мажлисларида қатнашиш учун суд биноларига келишлари билан боғлиқ оворагарчиликларининг олдини олиш, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?