Суд қарорларининг самарадорлиги ошади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг таклифига биноан шу йил 5-6 февраль кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар мазкур ташриф икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам бўлганини, унинг доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика боғлиқликни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилганини қайд этдилар.
—Ушбу ташриф Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигини мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди, — деди фракция аъзоси Адҳам Назирқулов.—Айниқса, музокаралар якунида имзоланган Қўшма декларация ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича 30 га яқин муҳим ҳужжатлар бу ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва амалий асосини яратди. Эришилган келишувлар нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида барқарорлик, тараққиёт ва ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилади.
Йиғилишда фракция аъзолари фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилишда янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларга, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишда ҳуқуқи бузилган шахснинг танловига кўра, иқтисодий суд ишларини юритишда эса тарафларнинг келишувига асосан экстерриториал судлов механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда ишни экстерриториал тартибда кўрадиган суд автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгиланиши кўзда тутилган.
Фракция аъзоси, қонун лойиҳасига масъул депутат Ойбек Юлдошевнинг маълум қилишича, лойиҳа билан иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали улар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш ҳам мақсад қилинган. Бунинг доирасида туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоят марказларида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судга мурожаат қилишдаги ортиқча оворгарчиликларни камайтириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш, суд қарорларининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.