“Сунъий интеллект альянси”: рақамли иқтисодиётда фақат илгарилашга хизмат қилади
Замонавий дунёда сунъий интеллект нафақат тараққиётнинг бош омили, балки давлатларнинг рақобатбардошлиги ва барқарор ривожланишини таъминловчи асосий воситалардан бирига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллектни ривожлантириш, уни миллий соҳа ва тармоқларда жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда глобал тенденцияларга ҳамоҳанг ҳаракат қилиш ҳар бир давлат учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди. Ўтган йили Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.
Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳияти тахминан ўн миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу салоҳиятни реал натижаларга айлантириш учун мустаҳкам инфратузилма, очиқ маълумотлар ва юқори сифатли кадрлар тайёрлаш зарур. Айнан шунинг учун ҳам давлат саъй-ҳаракатлари дата-марказлар ва суперкомпьютер қувватларини ривожлантиришга йўналтирилган.
Биргина шу йилда 16 та суперкомпьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди, келгуси йилда бу сўмма икки баробар оширилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикасидаги имтиёзли инвестиция режими муҳим рағбат бўлади. СИ инфратузилмасига 100 миллион доллардан ортиқ сармоя киритувчи инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, электр энергиясига имтиёзли тариф қўлланилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонни рақамли инновацияларнинг минтақавий марказига айлантириш учун стратегик қадамлардир.
Президентимиз раислигида шу йил 21 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви тизимига, иқтисодиётга ва мамлакат ҳудудларига жадал жорий этиш бўйича устувор чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларини рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтни ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлиши белгиланди.
Миллий контентни ишлаб чиқиш ва жорий этиш алоҳида эътибор талаб қиладиган муҳим жиҳат ҳисобланади. Бу сунъий интеллект дастурларининг самарали ишлаши учун улар ўзбек тилини мукаммал тушуниши зарурлиги билан боғлиқ. Шу муносабат билан, адабиёт, илмий ишлар, архивлар ва ҳисоботларни бирлаштирган “Ўзбек тили корпуси” платформаси яратилади. Бу эса сунъий интеллект тизимларига маданиятимиз ва менталитетимиз хусусиятларини акс эттириш имконини беради.
Сунъий интеллектни ривожлантиришда энг муҳим омил – малакали кадрлар тайёрлашдир. Зеро, кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсатида марказий ўринни эгаллайди. Кейинги ўқув йилидан бошлаб “Информатика” курсига СИга бағишланган мавзулар киритилади, Массачусетс технология институти билан ҳамкорликда махсус дарслик яратилмоқда. “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” дастури кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларида лабораториялар очилмоқда. “New Uzbekistan” университети базасида эса “соҳа – ОТМ – ҳамкор” тамойили асосида кластер ташкил этилаётир.
Ушбу масалага бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки замон шиддат билан ўзгараяпти. Жаҳонда ҳар бир соҳага сунъий интеллект, рақамли технологиялар кириб келяпти. Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш нафақат иш самарадорлигини оширади, балки янги бизнес моделларини яратишга ҳам хизмат қилади. Қолаверса, у иш жараёнларини автоматлаштириш билан бирга, инсон имкониятларини кенгайтиради.
Шу сабабли мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Масалан, сунъий интеллект, молиявий технологиялар, киберхавфсизлик ва булутли технологиялар йўналишлари бўйича давлат грантлари квотаси 35 фоизга оширилаётир. Ёшлар ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида эса мукофот жамғармаси бир миллион АҚШ доллари бўлган “Сунъий интеллект соҳасидаги энг яхши стартап” каби миллий танлов таъсис этилди.
Давлатимиз раҳбари 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бўйича дунёнинг ТОП–50 талигига киришни мақсад қилганимиз, шу боис илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, “Сунъий интеллект альянси”ни ташкил этиш кўзда тутилганини айтиб ўтди. Альянс таркибига соҳада самарали фаолият юритаётган етакчи компаниялар, хорижий экспертлар ва ватандошларимиз, йирик давлат корхоналари, банклар ҳамда олий ўқув юртлари киритилади.
Етакчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва акселераторлар билан ҳамкорликни кучайтириш, миллий дастурлар асосида медиа-контент яратиш, халқаро PR кампаниялар ўтказиш ҳамда маҳаллий мутахассислар ва компанияларни халқаро кўргазма ва форумларда иштирокини таъминлаш унинг асосий вазифалари сирасига киради. Умуман олганда, “Сунъий интеллект альянси” Ўзбекистонда инновацион ҳамкорликни кучайтириш, янги ғоялар ва илмий салоҳиятни бирлаштириш орқали мамлакатимизни рақамли иқтисодиётда илғор ўринга чиқаришга хизмат қилади.
Видеоселектор йиғилишининг якунлари шуни кўрсатадики, сунъий интеллект таъсири остида жаҳон иқтисодиётининг жадал ўзгариши шароитида, Ўзбекистон сиёсий ирода ва стратегик фикрлашни намойиш этмоқда. Айнан ҳозирги пайтда фуқароларнинг янги турмуш сифати ва давлатнинг янги рақобатбардошлик даражаси деб аташ мумкин бўлган интеллектуал пойдевор қўйилмоқда.
Фикримизча, шиддатли глобал ўзгаришлар контекстида парламентнинг қўллаб-қувватлаши рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотлар изчиллигини қонунчилик орқали таъминлашнинг асосий кафолати бўлиши керак. ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари сунъий интеллект ривожланишини вақтинчалик технологик тенденция эмас, балки миллий рақобатбардошлик пойдевори ва фуқаролар ҳаёти сифатини ошириш воситаси сифатида кўради.
Партиямиз сайловолди дастурида ҳам рақамли технологияларни иқтисодий барча тармоқларга жорий этиш ва шу орқали аҳолига ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар партиямиз мақсадрига уйғун ва ҳамоҳангдир. Шундан келиб чиқиб, биз депутатлар бу соҳада Президентимиз белгилаб берган вазифаларни бажарилишини ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, уларнинг ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтиришимиз лозим.
Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг изчил амалга оширилиши ҳамда ушбу йўналишларда белгилаб берилган вазифалар ижроси Ўзбекистоннинг интеллектуал суверенитетини мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг стратегик, яъни, фан ва ақл ютуқларидан халқ манфаати йўлида ишонч билан фойдаланувчи давлат ғоясини рўёбга чиқаришнинг энг муҳим омили бўлади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари.