Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солинади

13.04.2025
606

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Президентимиз раислигида шу йил 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан соҳани янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, соҳадаги салоҳиятли бозорлардан сайёҳларни жалб қилиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Миллий туризм ягона платформаси ишлаб чиқилаётгани ва унга электрон виза бериш, чипта олиш жараёнлари ҳам уланиши, барча тарихий обидаларга кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилиниши айтиб ўтилди.

Фракция аъзоси Хушвақт Хаитов йиғилишда белгилаб берилган вазифалар хусусида тўхталар экан, туризмни юқори даромадли соҳага айлантириш учун давлат ва хусусий сектордаги барча иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар ЎзЛиДеП мақсад ва ғояларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар партия ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси зиммасига катта масъулият юклаши, унинг ижросида барча депутатлар фаол бўлиши, соҳага доир ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш лозимлиги урғуланди.

Шундан сўнг, депутатлар “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Муҳокамалар жараёнида ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойберидев қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Қонун ташаббускорлари билдирилган фикрлар асосли эканлигини қайд этиб, уни лойиҳани маромига етказиш жараёнида эътиборга олинишини маълум қилди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши cуньий интеллектдан фойдаланишни янада ривожлантириш, турли соҳаларга жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш, уни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва тарқатишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?