Сурхондарёда иқтисодий юксалишнинг янги саҳифаси
Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи янги ташаббусларга кенг йўл очди. Республикамизнинг жанубида жойлашган ҳудуднинг транспорт-логистика салоҳияти, аграр имкониятлари ва чегараолди савдосини кенгайтириш имкониятлари катта аҳамиятга эга.
Маълумки, Сурхондарё аграр ҳудуд ҳисобланади. Вилоятда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш орқали йилига 3-4 марта ҳосил олиш мумкин. Термизда ташкил этилган “Томорқа мактаби” фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ташкил этилиши ва улар орқали йилига 10 минг нафар аҳолини ўқитиш режалаштирилди.
Ушбу масканда ишсиз ва кам таъминланган оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилади. Вилоятда тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида 44 та йирик лойиҳанинг ишга туширилиши эътиборга моликдир. Бу лойиҳалар саноат, хизмат кўрсатиш, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олган бўлиб, 18 мингдан кўп янги иш ўринлари яратилади.
Яна бир муҳим жиҳат, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига эса бугунги кунда ўнта туман ва Термиз шаҳридаги жами 563 минг аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бу аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондиряпти.
Давлатимиз раҳбари Жарқўрғон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида яратилаётган шароитлар билан танишиб, аҳоли билан самимий мулоқот қилди. Мулоқотлар чоғида фуқароларнинг таклиф ва муаммолари тингланиб, уларни жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Вилоятни комплекс ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда янги ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг амалга оширилиши ҳамда халқнинг ижтимоий фаровонлигини юксалтириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Aнгор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музрабодни “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш муҳим экани урғуланди.
Шунингдек, йўл инфратузилмасини янгилаш бўйича топшириқлар ҳам берилди. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездлар олиб келиш бўйича келишувга эришилгани айтилиб, Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши белгиланди.
Йиғилишда вилоятни янада барқарор иқтисодий ривожлантириш, қурилишни ободонлаштириш, туризм, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, таълим-тарбия масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли масъулларга топшириқ ва вазифалар берилди.
Президентимизнинг ушбу ташрифи Сурхондарё вилоятини янада барқарор иқтисодий ривожланишига, янги имкониятлар яратиш ва аҳолининг ҳаёт сифати бўйича янги босқичга кўтарилишида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Шоира РАЖАБОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.