Якшанба 24-Август 2025-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Тадбиркорлар билан мулоқот – амалий чораларга айланмоқда

21.08.2025
99

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича муҳим Фармон қабул қилинди.

Президентимиз Фармонни тадбиркорлар куни муносабати билан бўладиган учрашувга қадар имзолаган ва мулоқот куни эълон қилинди.

Бундай амалиёт илк бор бўлди, тадбиркорлик масаласига энг юқори эътибор берилаётгани далолати десак адашмаймиз.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорлик ривожи - барқарор иқтисодий тараққиётга эришишнинг асоси эканини кўп бора таъкидлаганлар. Буни Фармон, қарорлар ва қонунлар билан яратилган шароитлар, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш тадбирларида яққол кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда сўнги йилларда давлат ва бизнес ўртасидаги ишончли ҳамкорликнинг мустаҳкам замин яратилди.

Фармонга кўра, 2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди. Бу маблағлар эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда 5 мингдан зиёд янги лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

Фармон билан тадбиркорларга кредит ажратиш жараёни янада соддалаштирилади. 2026 йил 1 майдан уларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда солиқ ва коммунал тўловлар, товар айланмаси каби маълумотлар асосида замонавий скоринг тизими жорий этилади. Бу эса тадбиркорларни ортиқча қоғозбозликдан халос қилади.

Туризм соҳасида ҳам қатор имтиёзлар белгиланди. Хусусан, янги меҳмонхоналар қурилиши учун ер участкалари электрон аукцион орқали берилади, давлат эса инвестор билан шериклик асосида иштирок этиши мумкин. Шунингдек, меҳмонхона қуриш учун тадбиркорларга 7 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади. Меҳмонхона йиғими туман ва шаҳарларда бекор қилиниши, оилавий меҳмон уйларига қўйилган талаблар енгиллаштирилиши белгиланди.

Солиқ тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланиб, айланмадан олинадиган солиқдан қўшилган қиймат солиғига ўтган субъектлар бир йил давомида фойда солиғидан озод қилинади. Шунингдек, солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси тадбиркорлардан олиб, тўғридан-тўғри солиқ органлари зиммасига юкланади. Бу тадбиркорларнинг вақт ва ресурсларини тежашга хизмат қилади.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш учун махсус назорат механизми йўлга қўйилади. Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси ҳар ҳафта ва ҳар ойда топшириқлар бажарилиши юзасидан Президент Администрациясига ахборот тақдим этади. Шу орқали тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш сиёсатида изчиллик ва шаффофлик таъминланиши кўзда тутилган.

Актам ХАИТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.

Сайтни янги дизайни ёқдими?