Тадбиркорлар учун давлат харидларида янги имкониятлар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимизнинг Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик зонасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашидаги нутқининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар МДҲ доирасида савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамли хавфсизлик каби аниқ йўналишларда ҳамкорликни янада кучайтиришини алоҳида қайд этдилар. Келгуси йили МДҲга раисликни қабул қиладиган Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Фракция йиғилишида давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат давлат харидлари соҳасида шаффофликни таъминлаш ва рақобат муҳитини кенгайтириш, харид қилиш тартиб-таомилларини хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини давлат харидларида янада фаол иштирок этишга кенг жалб қилишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида давлат харидлари натижалари, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар ҳақидаги маълумотларни Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар таркибига киритиш, харидлар доирасида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар бўйича маълумотларни ҳудудлар кесимида очиқлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланмоқда. Бу эса соҳада ҳисобдорлик ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари Зафар Худойбердиев, Сайдулло Азимов ва Улуғбек Қобуловлар мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида унинг матни янада такомиллаштирилганини таъкидладилар. Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни илгари суришди.
Шу билан бирга, айрим масалалар юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар кечди. Хусусан, фракция аъзоси Дилмурод Артиқов давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорларнинг шикоятлари республика ва ҳудудий комиссиялар томонидан турлича тартибда кўриб чиқилиши ҳамда қайси комиссияга мурожаат қилиш бўйича ноаниқликлар юзага келишининг олдини олиш, тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашини камайтириш ва ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни кўриб чиқишнинг ягона тартибини белгилаш ва комиссиялар ваколатларини аниқ тақсимлаш мақсадга мувофиқ эмасми?, деган саволни ўртага ташлади.
Қонун лойиҳасига масъул депутат Отабек Мусурмонов ва мутасаддилар муҳокамалар давомида кўтарилган масалалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтдилар.
—Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин тортишувларга сабаб бўлди. Унинг қабул қилиниши давлат харидларида рақобат ва шаффофликни ошириш, маҳаллий тадбиркорларнинг харидларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, энг муҳими, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилади, — деди фракция аъзоси О.Мусурмонов.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.