Тадбиркорлар учун имкониятлар майдони янада кенгаяди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хива шаҳридаги “Конгресс-холл” мажмуасида 25 мингга яқин тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди, десак муболаға бўлмайди. Кўпдан бери ҳаяжон билан кутилаётган ушбу анжуманни оддий анъанавий учрашув эмас, балки давлат ва бизнес ўртасидаги ишончли ҳамкорликнинг янги босқичи бошланиши сифатида баҳолаш мумкин. Таъкидлаш керакки, ушбу мулоқот мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни рағбатлантириш изчил ҳамда ортга қайтмас сиёсатга айланганини яна бир бор исботлади.
Давлатимиз раҳбари юртимиз тараққиёти йўлида ўзига хос локомотив вазифасини бажараётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамияти вакилларини Тадбиркорлар куни билан самимий қутлади ва келгусидаги ишларига улкан муваффақиятлар тилади. Ва бундан беш йил аввал тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганидан буён бизнес ривожига тўсиқ бўлган минглаб масалаларга қонуний ва асосли ечимлар топилганига урғу берар экан, ушбу соҳага оид 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.
– Нима учун? Тадбиркорларимизга шароит яратиб, янги иш ўринларини кўпайтириш, одамларимиз узоққа бормасдан, маҳалласининг ўзида даромадли қилиши учун, – деди Президент.
Эътиборли жиҳати, бугунги кунда жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсгани, шунингдек, халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен кредит рейтинги янада яхшиланаётганини эътироф этиши барчамизни қувонтиради. Давлатимиз раҳбари бу каби улкан натижалар, энг аввало, тадбиркорлар билан елкама-елка амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини қайд этди.
Эслайлик, илк мулоқотдан буён ўтган давр оралиғида тадбиркорларнинг минглаб ташаббуслари қонунчилик ҳужжатларида, бизнесни қўллаб-қувватловчи янги тузилмалар очилганида ва бошқа ижобий ўзгаришларда ўз ифодасини топгани бу ёндашувнинг амалий натижасидир.
Шу ўринда жуда қисқа муддатда эришилган муваффақиятларнинг айримларини яна бир бор мамнуният билан тилга олиш жоиз: ўтган беш йил ичида бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди. Кўплаб бизнес вакиллари хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил равишда 1 миллиард доллар жалб қилди. Шунингдек, корхоналарнинг асосий капиталга инвестицияси 3 карра кўпайиб, 363 триллион сўмга етди. Саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага кўпайди. Бизнесини маҳаллада бошлаб, юртимиз бўйлаб ўнлаб филиалларга эга бўлган тадбиркорлар 550 дан, миллий брендини яратганлар 300 дан ошди.
Яна бир ибратли томони шундаки, қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди. Кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС “кешбек” сифатида қайтарилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига “ноль” ставка жорий қилиниши ҳисобига 400 миллиард сўм фермерлар ҳисоб рақамида қолди.
Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида Ўзбекистон 31-ўринни эгаллади...
Бу рақамларни бежиз келтирмадик.
Ушбу натижалар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ишбилармонлар мамлакатимиз моддий ва маънавий бойликларини яратиш ҳамда кўпайтиришда улкан роль ўйнаши ҳақидаги ғоялари ҳаётийлигини тасдиқламоқда. Партиямиз ўз дастурларида ана шундай қатъий қарашни шакллантирган сабабларни ҳам баён этган. Яъни тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароит мамлакатимизнинг барча соҳалардаги салоҳияти ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Янги иш ўринлари очиш, аҳолини турли-туман маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қарийб барча соҳаларга янги ва замонавий технологиялар, иш услубларини жорий қилиш ва бошқа талай йўналишларда хусусий секторнинг аҳамияти беқиёс.
Очиқ мулоқот мамлакатимизда бизнесни ривожлантиришга туртки берувчи янги, мукаммал бир институт, самарали механизм сифатида шакл лангани маълум. Бу галги самимий кечган мулоқотда тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар асосида бешта устувор йўналиш бўйича янги ташаббуслар эълон қилинди.
Масалан, биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлашдан иборат. Айтиш керакки, мазкур ташаббус стартаплар ва ривожланаётган бизнеснинг маблағга эҳтиёжи, гаров таъминотининг етишмаслиги, айрим бюрократик омиллар ҳамда бизнесни юритишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тизимининг мукаммал эмаслиги сабабли юзага келди. Бу ташаббуснинг амалга ошиши туфайли тадбиркорликни комплекс қўллаб-қувватлайдиган ягона экотизим яратилади, сунъий интеллект ва енгиллаштирилган кредитлар эвазига янги бизнесларни йўлга қўйиш осонлашади.
Дарҳақиқат, Президентнинг “Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, деган сўзлари барчамизни қувонтирди.
Иккинчи йўналиш сифатида ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш белгиланмоқда. Ер ва мулк олиш жараёни “тайёр пакет” тизими орқали тезлашиши айланма маблағлар тежалиши ва маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми ортишига хизмат қилади.
Асосийси, қолган учта йўналиш бўйича белгилаб берилган барча вазифалар ҳам биринчи навбатда тадбиркорлар манфаати йўлида хизмат қилади. Масалан, кейинги йилларда мамлакатимизда рақобатбардошликни ва меҳнат унумдорлигини янада ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, хусусий секторга ташқи инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш ва замонавий мутахассислар танқислигини бартараф этиш эҳтиёжи вужудга келди. Давлатимиз раҳбари томонидан “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифаси белгиланиши ана шу камчиликларга барҳам беради.
Президентимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқишга оид ташаббуси эса корхоналар фаолиятига сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув интеграция қилиниши ҳисобига даромадлар ортиши, маҳаллий компаниялар халқаро капитал бозорига чиқиб миллиардлаб доллар жалб этиш имконига эга бўлиши ҳамда юз минглаб ёшлар замонавий, юқори даромадли касбларни эгаллашига кенг кўламда йўл очиб беради.
Турли назорат органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятининг такроран текширилиши, катта молиявий жарималар ва лицензиялаш-рухсат бериш жараёнларидаги баъзи бюрократик босимлар бешинчи – бизнесга маъмурий босимни кескин камайтириш ташаббусига туртки берди, дейиш мумкин. Тез орада кичик бизнес учун 3 йиллик мораторий жорий қилиниши, “сукут – розилик” тамойилининг кучга кириши, жарималарнинг камайтирилиши ва бошқа енгилликлар бизнес учун хотиржам, эркин ва шаффоф муҳитни яратади.
Асосий электорати тадбиркорлар ва ишбилармонлар, жумладан, хусусий бизнес вакиллари бўлган O‘zLidePнинг фидойи фаоллари ва аъзолари ушбу ҳаётий ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлайди ва бу каби эзгу ишларга камарбаста бўлаверади.
Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда илгари сурилган ташаб буслар ушбу сиёсий кучнинг Сайловолди дастурида баён қилинган вазифаларга ғоят ҳамоҳанглиги билан ҳам алоҳида диққатга сазовор. Улар кичик бизнесга янги имкониятлар эшигини очади, ўрта бизнесни ривожлантиришга туртки беради, қисқаси, тадбиркорларга янги марраларни забт этиш учун замин яратади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари