Тадбиркорлар учун янги давр: бу сафарги амнистиянинг ўзига хослиги нимада?
Президентимиз тадбиркорлар билан мулоқотда яна бир муҳим таклифни илгари суриб, 1 ноябрга қадар "амнистияси" эълон қилди.
Кўпчилик бу хабарни эшитиб, "Бунгача ҳам амнистиялар бўлган-ку?" деб ўйлаши табиий. Ҳа, тўғри, аввалги йилларда ҳам тадбиркорларга енгилликлар берилган, бироқ бу сафарги амнистиянинг аҳамияти ва миқёси жуда катта!
Аввалги амнистиялар кўпинча аниқ бир тоифадаги қарздорликлар ёки жарималарни кечиришга қаратилган эди. Бу сафаргиси эса бутунлай бошқача! У нафақат қарз ёки жарималарни, балки 1 ноябргача бўлган барча хато ва камчиликларни ихтиёрий равишда тўғрилаш имконини беради.
Бу тадбиркорларга нима беради? Таькидланганидек, бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркор фаолиятида 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Ушбу ҳолат минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмаяпти.
Энди тадбиркорларимиз бизнес рейтингини янгилаши, тартибга солиб олиши ва келгусидаги ишларини қонун доирасида хотиржам давом эттириши мумкин. Бу фаолиятни "тоза саҳифадан" бошлаш учун чинакам тарихий имконият!
Булар ҳали ҳаммаси эмас! Мулоқотда яна бир катта янгилик эълон қилинди: Эндиликда йиллик айланмаси 20 миллиард сўмдан юқори бўлган корхоналаргина фойда солиғи бўйича аванс тўловларини амалга ошириши белгиланди. Бу 14 мингга яқин тадбиркорнинг ихтиёрида 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ қолишини англатади. Бу маблағларни бизнесни кенгайтириш, янги технологияларга сармоя киритиш ва энг муҳими — ходимларга яхшироқ шароит яратиш учун сарфлаш мумкин бўлади.
Кеча давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастуридаги мақсадларга тўлиқ мос келиб, бу ташаббуслар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва ҳақиқий эркин бозор иқтисодиётини қуришга қаратилган.
Абдуманноп Буриев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.