Тадбиркорларнинг киберхавфсизлик бўйича билимлари оширилди
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ташкил этилди. Тадбирда тадбиркорлар, ННТ вакиллари, стартап ташаббускорлари ва ёшлар иштирок этиб, рақамли муҳитда бизнесни хавфсиз юритиш масалалари бўйича амалий мулоқот олиб борилди.
Мутахассислар томонидан киберхавфсизликнинг асосий йўналишлари — кучли пароль яратиш, икки босқичли ҳимоядан фойдаланиш, фишинг ҳужумларидан сақланиш ва шубҳали ҳаволаларни аниқлаш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, электрон тижорат соҳасида мижозлар маълумотларини ҳимоя қилиш ва онлайн тўловлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар реал мисоллар орқали киберҳужумларнинг содир бўлиш усуллари ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Иштирокчилар таъкидлашича, бундай ўқув-семинарлар рақамли иқтисодиёт шароитида тадбиркорлар хавфсизлигини таъминлаш ва бизнес барқарорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.