Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган масалалар муҳокама қилинди

19.09.2025
973

Андижон вилоятида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган V очиқ мулоқот мазмун-моҳиятини ўрганиш, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини белгилаш ҳамда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал этишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу қўшма йиғилишда партия фаоллари, маҳаллий депутатлар, фермерлар, тадбиркорлар, мутасадди идоралар ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.

Йиғилишда Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Хуршидахон Халилова ҳамда бошқа нутқ сўзловчилар томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуси билан бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, очиқ мулоқотларда кўтарилган масалалар ечими юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилангани қайд этилди.

Йиғилишда депутатлик гуруҳи аъзолари ва мутахассислар томонидан тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликдаги янгиликлар, солиқ ва молия тизимидаги енгилликлар, ер ресурсларидан фойдаланишда белгиланган имтиёзлар ва амалий механизмлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун рухсатномаларни бериш жараёнини соддалаштириш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳамда тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.

Йиғилиш доирасида Президентимизнинг “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни кенг жамоатчиликка етказиш ва уларни самарали тарғиб этиш мақсадида депутатлар, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Ушбу гуруҳлар маҳаллаларда тадбиркорлар, фермерлар ва кичик бизнес вакиллари билан доимий мулоқотлар ўрнатиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини бажаради.

Тадбир якунида қайд этилганидек, бундай учрашув ва мулоқотлар тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз навбатида аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва жамият фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Сайтни янги дизайни ёқдими?