Тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасида келгуси йил учун асосий солиқ ва божхона ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш назарда тутилган бўлиб, у билан солиқ сиёсатининг ўрта муддатдаги асосий йўналишлари сифатида солиқ маъмурчилиги ва рақобат муҳитини яхшилаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилишни рағбатлантириш ҳамда бюджет даромадларининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чоралар белгиланган.
Фракция аъзолари лойиҳада солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари жамият ривожланиши ва тадбиркорлик фаоллигининг янада ошишига ҳамда мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини қайд этдилар.
Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда, унда тадбиркорлик субъектларни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш борасида ажратилаётган маблағларни йил сайин ошиб бораётгани шунингдек, тадбиркорлик субъектларини молиявий юкини камайтириш орқали уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янгича ёндашувлар акс этганини алоҳида таъкидладилар.
Муҳокамалар давомида бюджет даромадларини ошириш, солиқ базасини янада кенгайтириш, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, бюджет маблағларидан фойдаланишда самарадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси иқтисодиёт соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга экспорт қилишни кенгайтириш, аҳолининг даромадларини ошириш ва ҳудудларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар партия мақсад ва вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини қайд этиб, унда тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида назарда тутилаётган янгиликларни алоҳида эътироф этдилар.
Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига қонунчилигимизни уйғунлаштириш, атроф-муҳитни асраш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали солиқ базасини янада кенгайтириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.