Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олди олинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, инвестиция лойиҳалари билан ишлашда янги ёндашув жорий этилиши бугунги замоннинг ўткир талабидир. Эндиликда лойиҳалар нафақат ишга туширилиши, балки юқори қўшилган қиймат яратиши, ташқи бозорга чиқиши ва барқарор иш ўринларини таъминлаши асосий мезон бўлади. Бу жараён “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси орқали уч йил давомида мониторинг қилиб борилади.
Депутатлар экспорт масаласига стратегик нуқтаи назардан ёндашиш зарурлигини таъкидлашди. Ички бозор ҳисобидан юқори ўсишга эришиб бўлмаслиги, шу боис янги маҳсулотлар билан Европа ва АҚШ каби қиммат бозорларга чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббусларини мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватладилар. Янги маҳсулотлар, янги бозорлар ва хорижий элчилар билан яқин ҳамкорлик “Made in Uzbekistan” брендини халқаро миқёсда янада оммалаштиришга хизмат қилиши урғуланди.
Фракция йиғилишида рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси обдон муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар масофавий солиқ текшируви жараёнларини тезкор ташкил этиш, солиқ тўловчи ҳузурига бормасдан назоратни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олишга қаратилган.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси рақамли маркировкалаш қоидаларини четлаб ўтиш орқали ноқонуний маҳсулот айланмасига қарши курашиш, сифатсиз ёки қалбаки товарларнинг бозорга кириб келишини барвақт аниқлаш ва чеклашга хизмат қилишини таъкидладилар.
—Фракциямиз йиғилишида қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилиб, партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, уни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар бердик, — деди фракция аъзоси Отабек Мусурмонов. —Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ назоратининг замонавий механизмларини жорий этишга, рақамли инструментлар орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва иқтисодиётда очиқликни таъминлашга хизмат қилади.
Қизғин мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.