Asosiy kontentga o‘tish
Жума 14-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Таълим сифати янги босқичга кўтарилади

20.05.2025
586

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз раислигида шу йил 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамияти муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва уни замонавий талабларга мослаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилиб, бу йил 60 триллион сўм ажратилди.

Фракция аъзолари ушбу йиғилишнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, унда соҳани ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгиланган муҳим вазифалар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг нуфузини юксалтириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига хизмат қилишини қайд этдилар.

Депутатлар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида ҳам мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни кафолатлаш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш устувор вазифа сифатида ўрин олганлигини, шундан келиб чиқиб партия ва унинг парламентдаги фракцияси қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишларини таъкидладилар.

—Мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбия эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир, — деди ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов. —Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Биз, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Йиғилишда туман ва шаҳарларда ер солиғи ва ижара тўловлари учун белгиланган қийматларга оширувчи ва камайтирувчи коеффициентларни белгилаш тартиби бўйича маҳаллий кенгаш депутатлари билан ўтказилган семинар натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Якунда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сайтни янги дизайни ёқдими?