Asosiy kontentga o‘tish
Сешанба 06-октябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Таълим ва илм-фан соҳасида ягона бошқарув тизими яратилади

06.10.2026
92

Мамлакатимизда таълим соҳасига бўлган эътибор тобора юксалиб, мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва илм-фанга қадар бўлган барча бўғинларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, узлуксиз таълим ва тарбия тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда таълимнинг барча босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишда бошланган ислоҳотларга янги суръат бағишлаб, таълим ва илм-фан соҳасини бошқаришда сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.

Ушбу ҳужжат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилгани аввало, таълимнинг турли босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш, ягона ёндашув асосида бошқарувни йўлга қўйиш ҳамда таълим ва илм-фаннинг ўзаро интеграциясини кучайтиришга хизмат қилади.

Таълим соҳасидаги бугунги ислоҳотлар, аввало, тизимни самарали бошқариш, таълим сифатини ошириш ва замонавий талабларга жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга қаратилган. Икки вазирликнинг бирлаштирилиши эса боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим ўртасидаги боғлиқликни кучайтириб, уларни ягона тизим асосида бошқариш имконини беради.

Янги ёндашувда таълим муассасаларини бошқариш ва таълим сифатини таъминлаш вазифалари аниқ белгиланади. Ўқув дастурлари, дарслик ва методик материаллар замон талаблари асосида такомиллаштирилиб, уларнинг самарадорлиги мунтазам баҳолаб борилади. Бунда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялашга қаратилган “ўзбек мактаби битирувчисининг портрети” асосий мезон бўлади.

Олий таълимда давлат аралашувини қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва хусусий таълим секторини ривожлантириш учун имкониятларни ошириш эса соғлом рақобат муҳитини кучайтиради. Бу жараёнда талабалар сифатли таълим берадиган муассасаларни танлайди, олийгоҳлар эса таълим дастурлари, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва замонавий ёндашувларини такомиллаштириб боришга интилади.

Янги ёндашувлар таълим сифатини ошириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, хусусий таълимни ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, ёшларни замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош кадрлар сифатида тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.

 

 

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?