Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Таълимни ислоҳ этмасдан туриб, ҳеч бир соҳада натижага эришиб бўлмайди

12.09.2025
539

Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотлар ижроси ҳамда келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишда қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, муаммоларни ҳам санаб ўтди. Бу борада аниқ таклиф ва тавсиялари билан соҳани ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”ни ҳам чизиб берди

Таъкидланганидек, мамлакат равнақи, иқтисодиёт ривожи, юртимиз ва фарзандларимиз келажаги фақат ва фақат таълим ҳамда муаллимларга боғлиқ. Шу боис ўқитувчига муносиб шароит яратиш, боғча, мактаб қуриш, жиҳозлаш, четдан мутахассис олиб келиш, замонавий дарс лик ва ўқув дастурларини жорий қилиш бўйича жуда кўп қулайликлар яратилди ҳамда бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. Эътибор беринг, ислоҳотлар туфайли шу йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз 195 та медални қўлга киритди. Бу дегани, эндиликда уларга оширилган ставкада жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилади. Қолаверса, хорижий тил эгалари жалб қилинган мингдан зиёд умумтаълим мактабларида тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайди.

Президентимиз мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўлаётгани, бироқ касб-ҳунар ҳамда олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етмаётганини айтиб ўтди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 598 та техникум бўлиб, улар 450 минг ўқувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ҳамда имкониятдир. Аммо таҳлилларга кўра, жорий йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларнинг бор-йўғи 182 минг нафари техникумларга бормоқда. Давлатимиз раҳбари бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш мақсадида бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлишини айтиб ўтди.

Хўш, бу қандай амалга оширилади? Ўқувчилар касб-ҳунарга қай тартибда ўргатилади? Юртбошимиз тавсияси асосида, аввало, мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳити олиб кирилади. Вилоят ҳамда туман ҳокимларига келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини, ҳозиргига қўшимча яна 200 минг ўқувчини техникумга қамраб олиш вазифаси топширилди. Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Буларнинг барчаси ёшларни касбга ўргатишга доир мавжуд муаммоларнинг ечимига хизмат қилса, иккинчи томондан, ёш авлод вакилларини фойдали меҳнатга жалб қилиш, вақтини мазмунли ўтказишга катта туртки бериши шубҳасиз.

Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб олий ўқув юртларида қабул квоталарини инвестиция лойиҳаларида кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантириш тизими йўлга қўйилган эди. Эндиликда инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрларни мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Яъни инвестор сўровига асосан техникумдаги таълим дастурларини 30 фоизгача ўзгартиришга рухсат берилдики, бу ҳам келгусида бандликни оширишга катта ҳисса қўшади. Қолаверса, техникумлар билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади. Касбий таълим агентлиги билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талаблар ишлаб чиқилади. Бу эса соҳада ўсишни таъминлаш билан бирга, ёшларни касб-ҳунарга ўргатишнинг мутлақо янги босқичига йўл очади.

Қисқача айтганда, таълим ва унинг тараққиёти учун асло тўсиқ йўқ. Аксинча, кенг имконият, имтиёз ва қулай шарт-шароитлар бор. Фақат улардан унумли фойдаланиб, жамият равнақи, ёшлар келажаги ҳамда таълим ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилинса кифоя. Биз, халқ вакиллари – депутатлар ва партия фаоллари ҳам ушбу йўналишлардаги фаолиятимизни янада жадаллаштирган ҳолда таълим тизимини, унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларимизни янгича ёндашувлар асосида ташкил қилишга эътибор қаратамиз. Мақсадимиз шу юрт равнақи ва ёшларимизнинг ёрқин келажагига ҳисса қўшиш.

Муқаддасхон АҲМЕДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати, O‘zLIDeP фракцияси аъзоси

Сайтни янги дизайни ёқдими?