Asosiy kontentga o‘tish
Душанба 21-сентябр 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Тараққиётнинг янги нуқталари

21.09.2026
102

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига навбатдаги ташрифи халқимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий воқеа сифатида тарих саҳифаларига муҳрланиши муқаррар. Зеро, давлат раҳбарининг ҳар бир ташрифи нафақат мавжуд масалаларни ҳал этиш, балки эришилган натижаларни баҳолаш, ҳудуд имкониятларини яна бир бор кўздан кечириш ва тараққиётнинг кейинги босқичи учун янги вазифаларни белгилаш нуқтаи назаридан аҳамиятли.

Кези келганда айтиш керак, 2024 йил август ойида амалга оширилган ташрифдан кейин Қорақалпоғистонда аҳолини йиллар давомида қийнаб келган қатор масалалар ҳал этилганди. Тадбиркорлик ва инвестиция учун имкониятлар кенгайтирилди, янги иш ўринлари яратилди, инфратузилма ва ижтимоий соҳада салмоқли натижаларга эришилди.

Ҳудуд иқтисодиётидаги ўсиш ҳам бу жараёнларнинг муҳим кўрсаткичи. Ялпи ҳудудий маҳсулот 2016 йилдаги 8,5 триллион сўмдан жорий йил бошида 54 триллион сўмдан ошган. Тадбиркорлик субъектлари сони 26,5 мингтага етган, хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 миллиард долларга етган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 29 триллион сўмгача ошган.

Қорақалпоғистондан сайланган депутат сифатида деярли ҳар ой сайловчилар билан учрашувлар давомида аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганиб бориш шуни кўрсатадики, одамлар учун ҳар бир янги иш ўрни, обод маҳалла, ҳал этилган муаммо ёки яратилган имкониятнинг ўз қиймати бор. Зотан, бугунги ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси статистик рақамлардагина эмас, балки уларнинг инсон ҳаётида қандай акс этаётганида намоён бўлади.

Бу сафар Кегейлида намойиш этилган интенсив боғ тажрибаси ҳам ана шу жараённинг амалий ифодасидир. Оролбўйининг мураккаб шароитида 330 гектарлик замонавий боғ барпо этилиши, 100 та доимий иш ўрни яратилиши, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва лойиҳани келгусида кенгайтириш режалари ҳудудда янги иқтисодий имкониятлар шаклланаётганини кўрсатади. Айниқса, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланишга эътибор қаратилаётгани муҳим. Ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари орқали бир гектарга сарфланадиган сув миқдори 12 минг литрдан 5 минг литргача қисқартирилган. Қорақалпоғистон шароитида бундай технологияларни жорий этиш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш билан бирга, чекланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Кегейлига бугунги ташрифни ўн йиллар олдинги ҳудуд қиёфаси билан солиштирганда, ўзгаришнинг кўлами янада яққол намоён бўлади. Илгари мураккаб шароитлари билан кўпроқ тилга олинган ҳудудда бугун замонавий  технологиялар, инвестиция ва тадбиркорлик асосида янги иқтисодий имкониятлар яратилмоқда. Интенсив боғ барпо этилиши шу жиҳатдан шунчаки битта инвестиция лойиҳаси эмас. Бу — Кегейлининг имкониятларига бўлган ёндашув ўзгарганининг амалий кўриниши. Кеча муаммо сифатида кўрилган шароитлар бугун замонавий технология ва тадбиркорлик орқали иқтисодий имкониятга айланмоқда.

Муҳими, Кегейлидаги тажриба алоҳида бир лойиҳа доирасида қолиб кетмаслиги белгиланмоқда. Режага кўра, ҳудудда интенсив боғлар майдони 10 минг гектарга кенгайтирилиб, 40 мингта доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади. Бу рақамлар Қорақалпоғистон тараққиёти янги босқичга чиққанидан далолат беради. Энг муҳими, бугун ҳудудда иш тутиш тизими бутунлай ўзгарди: воҳанинг иқтисодий имкониятлари, табиий ва инсон ресурсларини ишга солиб, янги ўсиш нуқталари ташкил этилмоқда.

Албатта, олдинда турган вазифалар ҳам бор. Бандликни ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш каби масалалар изчил давом эттирилиши зарур.

Президентимизнинг бу галги ташрифи эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш билан бирга, Қорақалпоғистон тараққиётининг янги нуқталарини белгилаб олиш, самарали тажрибаларни кенгайтириш ва ҳудуддаги мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш учун муҳим аҳамият касб этади.



Бахитбай АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Сайтни янги дизайни ёқдими?