Asosiy kontentga o‘tish
Пайшанба 13-август 2026-йил
Биз ижтимоий тармоқларда:
Виртуал қабулхона
0
Виртуал қабулхона
Хайрия қилиш

Тармоқ ва соҳаларни бошқаришда тежамкорлик ва инновацияга асосланган янгича бошқарув жорий этилади

14.02.2026
464

Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда мен ҳам иштирок этдим.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги ишларни таҳлил қилар экан, ҳар бир вазир, ҳоким ва тармоқ раҳбари ўз тизимига янгича бошқарувни жорий этиши, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиши, анъанавий экспорт бозорлари билан чекланиб қолмасдан янги йўналишларни излаб топиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, тадбиркорларга кенг имконият яратиш, сунъий интеллект ва рақамлаштиришни жадал жорий этиш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятли ёшларни жалб этган ҳолда “стартап клуб”лар ташкил қилиш ва уларнинг ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш орқали юқори иқтисодий ўсишга эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Эндиликда инвестиция лойиҳалари билан ишлашда янги тизим жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир лойиҳа фақат ишга туширилиши билан кифояланмай, юқори қўшилган қиймат яратиши, ташқи бозорга чиқиши ва иш ўринларини сақлаб қолишига эътибор қаратилади. Бунинг учун “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси орқали лойиҳалар ишга тушгандан кейин уч йил давомида мониторинг қилинади.

Таъкидлаганидек, ички бозордаги талабни ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди. Шу боис, вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг асосий вазифаси янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб боришдир. Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 миллиард долларга етган бўлса-да, экспортнинг 80 фоизи фақат 6 та давлат ҳисобига тўғри келмоқда. Шу сабабли тармоқ раҳбарларига ишлаб чиқаришни камида 15 фоизга ошириш ва Европа, АҚШ каби қиммат бозорларга кириб бориш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, пилла етиштиришни ривожлантириш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилиб, уйда пилла етиштириш учун хонани жиҳозлаш ва ускуна харажатлари учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Бундан ташқари, пилла ҳосили учун қўшимча субсидиялар ва мавсумий ишчилар ойлигининг ярми компенсация қилиниши орқали фермерлар фаолияти янада рағбатлантирилади.

O'zLiDeP Президентимизнинг тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлардан экспортни фақат ҳажм бўйича эмас, балки янги маҳсулот ва янги бозорларга қараб ривожлантириш бўйича ташаббусларини мамлакатимиз экспорт ҳажмини оширишда муҳим қадам деб ҳисоблайди. Айни шу талаб тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларни мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан доимий ҳамкорлик қилишга ундайди. Бу эса “Made in Uzbekistan” брендини янада оммалаштиришга хизмат қилади.


Актам Хаитов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси раҳбари

Сайтни янги дизайни ёқдими?