Ташаббускор аёллар сафи кенгаймоқда
Сирдарё вилоятида хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят ҳамда Сардоба туман Кенгашлари ташаббуси билан “Ишбилармон аёл–2026” кўрик-танловининг маҳалла босқичлари юқори савияда ташкил этилди.
Танлов доирасида маҳаллаларда фаолият юритаётган тадбиркор аёлларнинг иш тажрибаси, ташаббускорлиги ва жамиятдаги иштироки чуқур ўрганилди. Маҳалла босқичлари якунларига кўра, тумандаги 15 та маҳалладан жами 34 нафар тадбиркор аёл иштирок этди. Саралаш натижаларига кўра, уларнинг 15 нафари танловнинг кейинги — туман босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иштирокчилар фаолиятининг қамрови кенг бўлиб, улар тикувчилик, паррандачилик, томорқачилик, қандолатчилик, тиббиёт, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида самарали меҳнат қилаётганлари эътиборга молик.
Айниқса, “Файзлиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган тадбиркор — “Ландшафт” якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти раҳбари Моҳигул Шодмонова тажрибаси алоҳида эътиборга сазовор. У сўнгги икки йил давомида 2 сотих иссиқхонада гидропоника усулида қулупнай ва турли кўкатлар етиштиришни йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаини шакллантирди. Шу билан бирга, кўчатчиликни ҳам ривожлантириб, қўшимча даромад олишга эришмоқда.
Тадбиркор томонидан иссиқхона ташкил этиш учун 100 миллион сўм сармоя киритилган бўлиб, бугунги кунда қулупнай етиштиришдан олинаётган йиллик даромад 70 миллион сўмни ташкил этмоқда. Маҳсулотнинг табиийлиги ва витаминларга бойлиги унинг бозордаги талабини янада оширмоқда.
Айни пайтда Моҳигул Шодмонова томонидан 3 нафар доимий ва 10 нафар мавсумий иш ўринлари яратилган. Келгусида иссиқхона майдонини 12 сотихга етказиш орқали фаолиятни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
– Тадбиркорликни бошлаш осон кечмади. Илк қадамларимни кичик ҳажмдан бошлаб, тажриба орттирдим. Гидропоника усулини ўрганиб, замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни оширишга эришдим. Энг асосий мақсадим — янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлаш. Келгусида яна кўпроқ аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш ниятидаман, – дейди у.
Мазкур танлов нафақат энг фаол ва ташаббускор аёлларни аниқлаш, балки уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.