Тахиатошда “Саломатлик сари” акцияси ўтказилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Тахиатош туманида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Саломатлик сари” акцияси ташкил этилди.
Акция доирасида “Дослық” ва “Халықлар дослығы” маҳаллаларида яшовчи 153 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтди. Малакали шифокорлар томонидан маммография, рентген ва УЗИ текширувлари ўтказилиб, саломатлик бўйича зарур тавсиялар берилди.
Кўриклар натижасида 27 нафар фуқаро стационар даволаниш учун йўлланма олди, 55 нафар иштирокчига амбулатор даволаниш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга дори-дармон ва тиббий воситалар тарқатилди.