Инсон саломатлиги — энг устувор масала: Тахтакўпирда фуқароларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди
Инсон қадрини улуғлаш ва фуқаролар мурожаатларига тезкор ечим топиш мақсадида ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Тахтакўпир туманида сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда 100 га яқин фуқаро ижтимоий ҳимоя, тиббий ёрдам, коммунал хизматлар, кредит, кадастр, йўл инфратузилмаси ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар ва депутатлар иштирокида кўриб чиқилиб, амалий чоралар белгиланди.
Қабулда бир қатор мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди. Хусусан, уч нафар фуқарога Республика ихтисослаштирилган шифохонасида бепул даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун йўлланма берилди. Шунингдек, “Маржангул” маҳалласида яшовчи Кўпжасарова Жанил онахонга ногиронлик аравачаси топширилди, уч нафар ёшга контракт тўловлари учун ваучерлар ажратилди.
Бундан ташқари, уч нафар эҳтиёжманд фуқарога озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилди, икки нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, беш нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашилди. Бу каби сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.