“Темурбеклар мактаби”да миллий армияга ҳурматни юксалтирувчи маърифий тадбир ташкил этилди
O‘zLiDeP ташаббуси билан “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Кучли армия – хавфсизлик ва барқарорлик, халқимизнинг фаровон ҳаёти кафолатидир” шиори остида ўтказилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари, Мудофаа вазирлигининг масъул вакиллари ва фахрийлари, шунингдек, лицей офицерлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлашди. Шунингдек, маърузада партия дастурида белгилаб қўйилган “Ўзбекистон халқига тинчлик ва осойишталик керак” деган тамойил хавфсизлик соҳасидаги барча саъй-ҳаракатларнинг ғоявий асоси экани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда минтақада ва дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида эришилган натижаларни чуқур таҳлил қилиш, миллий армияни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил қўллаб-қувватлаш долзарб вазифа сифатида кўрсатиб ўтилди.
Мазкур тадбир иштирокчиларда Ватанга садоқат, миллий армиямизга ҳурмат ва фахр туйғуларини янада мустаҳкамлади. Байрамона руҳда ўтган учрашув ёшларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ошириш ва Қуролли Кучларимизда хизмат қилаётган фидоийлар меҳнатига чуқур эҳтиром уйғотишга хизмат қилди.