Термизлик тадбиркорнинг транспорт ва темирйўл билан боғлиқ муаммоси назоратга олинди
O‘zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Сурхондарё вилоятида сайловчилар билан учрашувлари доирасида Термиз туманида фаолият юритаётган «Олис-Осмон» хусусий корхонаси иш жараёни билан яқиндан танишди. 2009 йилда ташкил этилган корхона бугунги кунда қурилиш соҳаси учун зарур пардозлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариб, 46 нафар доимий ва 30 нафар мавсумий ишчи-ходимни иш билан таъминлаб келмоқда.
Ўрганиш давомида корхона раҳбарияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот сифатини таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Айниқса, маҳсулотларни Тожикистон Республикасига экспорт қилиниши корхонанинг халқаро бозорда ўз ўрнини топаётганидан далолатдир. Шунингдек, 2025 йилда ўрнатилган қуёш панеллари орқали энергия мустақиллиги таъминланиб, қўшимча даромад манбаи яратилгани алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда тадбиркор томонидан транспорт ва темирйўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилди. Актам Хаитов мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаб, корхона фаолиятини янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларини билдирди.