Тиббиёт трансформацияси: хусусий сектор ва янги ташаббуслар
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда депутатлар, соҳа мутахассислари, хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.
Тадбирда Президентимизнинг 2026 йил 5 майдаги хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган Фармонининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳужжатга мувофиқ, 2030 йилга қадар хусусий секторнинг тиббий хизматлар бозоридаги улушини 30 фоизга етказиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳудудларда замонавий юқори технологик тиббиёт марказларини ташкил этиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, соҳани ривожлантириш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси ажратилиши, чекка ҳудудларда янги клиникалар ташкил этиш учун 10 миллион долларгача молиявий кўмак берилиши аҳолига тиббий хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Давра суҳбатида O‘zLiDePнинг “Саломатлик сари” акцияси натижалари ҳам эътироф этилди. Лойиҳа доирасида 20 мингдан ортиқ фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, минглаб инсонларга даволаниш бўйича йўлланма ва тавсиялар берилган. Тадбир иштирокчилари аҳоли учун сифатли, замонавий ва ҳамёнбоп тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.