Тошкентдаги Форум минтақа ва дунё сармоядорлари учун ишончли, барқарор ва фойдали мулоқот майдонига айланади
Бугун Халқаро конгресс марказида Президентимиз иштирокида тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ҳозирги қийин шароитда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга асосий эътибор қаратиб келинмоқда. Ялпи ички маҳсулотимиз саккиз йилда 2 баробар кўпайди. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланди.
Ўтган йили инвестиция ҳажми 35 миллиард долларга, экспортимиз 27 миллиард долларга етгани – тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ҳам амалий натижасидир.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам ўзининг муносиб аксини топмоқда. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимиз сўнгги беш йилда 48 поғонага юқори кўтарилди. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”даги ўрнимиз 28 поғонага яхшиланди. Ўтган ойда нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди.
Мазкур нуфузли форумда давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу амалий ислоҳотларни эътироф этар экан, қатор муҳим ҳамкорликдаги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш, рақамли технология ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг “драйвери”га айлантириш, бугунги шароитда молиявий тизим ва технологиялар кескин ўзгараётгани, “Тўртинчи саноат инқилоби” “технологик минераллар”га талабни бир неча карра кўпайтириш каби ташаббуслар шулар жусласидандир.
“Янги Ўзбекистон – инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати” деган тамойилни амалий натижаларга айлантириш мақсадида барча чоралар кўрилаётгани, глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бўлиб, келгуси йилда ушбу Ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича ҳамкорларимиз билан фаол иш олиб борилаётгани, мамлакатимизда хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиб беришда барча чоралар кўрилаётгани эътироф этилди. Айниқса, сўнгги йилларда қўшниларимиз билан йўлга қўйилган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шакллангани таъкидланди.
Умуман олганда, ушбу форум минтақа ва дунё сармоядорлари учун ишончли, барқарор ва фойдали маконга айланишига хизмат қилади.