Тупроққалъа туман тиббиёт бирлашмасида 42 та бўш иш ўрни бор: депутатлар кадрлар етишмовчилигидан ташвишда
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Хоразм вилоят бўлимининг ахбороти тингланди.
Йиғилишда Тупроққалъа туман тиббиёт бирлашмасида 42 нафар бўш иш ўринлари мавжудлиги ва ушбу ҳолат аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этиб ўтилди.
– Тупроққалъа туман тиббиёт бирлашмасида 42 та вакант иш ўрни бор, – дейди халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Гулнора Матмуратова. – Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимига вакант лавозимларга малакали мутахассисларни жалб қилиш, тиббиёт ходимлари учун муносиб шароит яратиш ҳамда кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф-тавсияларимизни бердик.
Бошқарма масъул ходими муаммони бартараф этиш мақсадида ҳозирда бир қатор чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади. Жумладан, олий ва ўрта тиббий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жалб этиш мақсадида уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш масаласида таклифлар тайёрланаёганини маълум қилди.