Тупроққалъада шахмат мусобақаси ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 23 йиллиги муносабати билан бошланғич партия ташкилотлари ўртасида O‘zLiDeP кубоги спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус эса партия аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишини ошириш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Тупроққалъа туманидаги 73 та бошланғич партия ташкилоти ва уларнинг 10 минг 900 нафардан ортиқ аъзоси иштирокида спорт беллашувлари қизғин давом этмоқда. Тумандаги йирик бошланғич партия ташкилотларидан бири — “UzAuto Motors” АЖ Хоразм вилояти филиалида ҳам шахмат мусобақаси ташкил этилди.
Унда партия аъзолари ўзларининг мантиқий фикрлаш, диққатни жамлаш ва стратегик ёндашув борасидаги қобилиятларини намоён этиб, қизиқарли ва муросасиз баҳсларда куч синашдилар. Мусобақа иштирокчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун ҳам имконият яратди.
Мусобақа якунига кўра, “Навбаҳор” маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. “Яккачиқир” маҳалласидаги БПТ жамоаси иккинчи, “Муҳаббат” маҳалласидаги бошланғич партия ташкилоти жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.