Умумий манфаатларга эришиш йўлида ҳамкорлик қиламиз
O’zLiDeP ва ЎзМТДП фракциялари “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш юзасидан битим имзолаган эди. Ушбу блок 93 нафар депутатни бирлаштириб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этади ва етакчи сиёсий кучга айланади.
Таъкидлаш керак, мазкур блок Президентимиз бошчилигида қисқа даврда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, очиқлик сиёсатини юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш соҳаларида тарихий ислоҳотларни қатъий давом эттиришда муҳим қадам бўлди.
Ушбу блок халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, уни амалга оширишга қаратилган ҳукумат дастурини тўла қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, “Тараққиёт блоки” ЎзЛиДеП сайловолди дастурида белгиланган қатор вазифалар ижроси учун ҳам ғоят муҳим институтдир. Хусусан, миллий иқтисодиётимизда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш, ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш каби йўналишларда 93 нафар депутатнинг овозини бирлаштириш ғоят муҳимдир. Бундан ташқари, эндиликда сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш, таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш каби йўналишларда ҳам 93 депутатнинг “бир ёқадан бош” чиқаради.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш, солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, йўналишларида ҳам ЎзМТДП фракцияси билан ҳамкорликда иш олиб борилади.
Ўйлайманки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари ушбу блок орқали умумий манфаатларга эришиш йўлида ҳамкорликни янада кучайтиради. Мазкур ташаббус миллий манфаатларимизга хизмат қилиб, мамлакатимизни янада ривожланган, қудратли, адолатли ва замонавий давлатга айлантиришга хизмат қилади.
Туйчи Ёкубов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати