Педиатр етишмайди, стационар жой кам: O'zLiDeP депутатлари Урганчда болалар тиббиётини кун тартибига олиб чиқди!
Халқ депутатлари Хоразм вилояти ва Урганч шаҳар Кенгашларидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳлари иштирокида жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Эшитувда Урганч шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг фаолияти, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Яқубов томонидан тиббий муассасаларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, профилактика, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Таъкидланганидек, Урганч шаҳрида болалар сони кўплиги ва касалланиш ҳолатларининг ортиши туфайли Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаатлар кескин ошмоқда. Шу билан бирга, шаҳар поликлиникаларида малакали педиатрлар, тор мутахассислар ҳамда стационар ўринлар етишмаслиги аҳоли учун қатор қийинчиликлар туғдирмоқда.
Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси қошида 50 ўринли болалар бўлими ва 8 ўринли болалар реанимацияси ташкил этиш, шунингдек, бу йўналишда янги бино қуриш таклифи илгари сурилди. Ушбу ташаббус болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.
Депутатлар масала юзасидан депутатлик сўрови чиқаришга қарор қилди. Шунингдек, электрон навбат тизимини такомиллаштириш, сайёр тиббий хизматларни кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарурлиги қайд этилди.