Бухорода аҳоли бандлиги ва камбағалликдан чиқариш масалалари депутатлар томонидан танқидий кўриб чиқилди
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашида ўтказилган қўшма йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳисоботга кўра, ўтган йили 277,9 минг нафар фуқаро даромадли меҳнат билан таъминланиб, ишсизлик даражаси 5,4 фоиздан 3 фоизга туширилди. Бу кўрсаткичлар ҳудудда иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалий натижалар бермоқда.
Камбағалликни қисқартириш йўналишида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. 2025 йил бошида 8,7 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси йил якунига келиб 5,7 фоизга қисқарди. 19 мингдан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилиб, уларга доимий иш, имтиёзли кредит, субсидия ва касб-ҳунар ўқувлари орқали барқарор даромад манбаи яратилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 55 та оғир маҳаллада инфратузилма яхшиланиб, суғориш ва электр таъминоти тизими модернизация қилинди. Натижада минглаб хонадонларнинг томорқа ерларидан олинаётган даромади бир неча баробарга ошди ҳамда 1100 дан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
2026 йил учун эса янада катта марралар белгиланган. Хусусан, 381,5 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш, 12 мингдан ортиқ камбағал оилалар даромадини ошириш ва йил якунига қадар ишсизлик ҳамда камбағаллик даражасини 2 фоизга тушириш режалаштирилган. Депутатлар ва партия фаоллари ушбу вазифалар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлашга келишиб олдилар.