Урганчда маҳалланинг энг фаол ишбилармон аёллари сараланди
O‘zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси маҳаллалардаги фаол ва ташаббускор хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси доирасида Урганч шаҳридаги “Навбаҳор” ва “Маърифат” маҳаллаларидаги тадбиркор аёллар билан мулоқотлар ўтказилди, уларнинг ютуқ ва режалари яқиндан ўрганилди.
“Навбаҳор” маҳалласидаги тадбиркор Гўзалой Раҳимова Хитой технологиялари асосида миллий услубда гул босилган чокли газламалар тикишда фаолият юритиб, қисқа вақт ичида 10 нафар ёшга доимий иш ўрни ярата олди. У ўз маҳсулотларини нафақат ички, балки Туркия ва Қозоғистонга экспорт қилиб, бу йил Россия бозорига ҳам киришни режалаштирмоқда.
“Маърифат” маҳалласидаги Муҳаббат Саъдуллаева эса тикиш-бичиш соҳасида самарали фаолият юритиб, кўрпа ва ёстиқ каби маҳсулотлар тайёрлаб, мингдан ортиқ шогирд тайёрлади. Унинг шогирдлари орасида мустақил фаолият юритаётган ёшлар ҳам бор бўлиб, янги иш ўринлари яратаётганлар ҳам талайгина. Танлов натижасига кўра, иккала тадбиркор энг фаол аёллар сифатида шаҳар босқичига йўлланма олди.