Урганчлик хотин-қизларга бизнеснинг сир-асрорлари ўргатилди
O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан Урганч шаҳридаги “Урганч Bahmal” МЧЖда “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарнинг асосий мақсади – ҳудуддаги аёл тадбиркорларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, етакчилик салоҳиятини ошириш ва замонавий бизнесда самарали йўналишларни қўллашга йўналтиришдан иборат.
Тренинг давомида мутахассислар тадбиркорликдаги долзарб масалалар, инновацион ёндашувлар, маркетинг стратегиялари ва етакчилик қоидалари ҳақида маълумот бердилар. Иштирокчилар эса амалий машғулотларда фаол иштирок этиб, ўз тажрибаларини бойитдилар.
Семинар иштирокчилари бу каби тадбирлар янги ғояларни амалиётга татбиқ этиш ва бизнес юритишдаги қийинчиликларни енгишда катта ёрдам бераётганини таъкидладилар.
“Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси аёлларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ошириш билан бирга, уларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётга ҳисса қўшишида муҳим аҳамият касб этмоқда.