Ўзбекистон ва Қувайт кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди
Қувайт нисбатан ёш давлат ҳисобланишига қарамай, бу давлатнинг тарихи муҳим воқеаларга жуда бой. Масалан, ушбу қадимий заминда Месопотамия жойлашган эди. Ўша вақтлардан бери Қувайт цивилизациялараро йўналишдаги стратегик аҳамиятга эга савдо порти сифатида машҳур. 1961 йилда Қувайт фуқаролари дунёдаги энг юқори турмуш даражасига эга мустақил ва бой давлатга айланди.
Воқеалар ривожи шундай тус олиши эса бу мамлакатдаги оқилона бошқарув тизими қарор топгани билан боғлиқ. Шу тариқа, ҳатто хомашё нархларининг нотинч ва беқарорлиги шароитида ҳам Қувайт узоқ муддатли иқтисодий инқирозга учрамади. Дунёдаги бу салбий тенденцияларнинг барчасига мамлакат раҳбариятининг оқилона ва ўта профессионал сиёсати туфайли барҳам топилди, бу жараёнда айниқса ижтимоий ҳимоя юқори даражада таъминланди. Шунингдек, қувайтлик ёшларнинг сифатли таълим олиши, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишлашга тайёр бўлиши учун бошқа чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.
Бу ва яна бошқа муҳим жиҳатлар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Ўзбекистоннинг эътиборини тортмай қолмайди. Қувайтда муваффақиятли амалга оширилаётган, мақсад ва вазифалари Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг узоқ муддатли устувор йўналишлари билан ҳамоҳанг бўлган «Vision 2035» давлат дастурини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бугунги кунда икки давлат ўртасида конструктив сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, молиявий, сармоявий ва гуманитар ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар икки давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Қувайт Ўзбекистон иқтисодиёти, хусусан, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалар учун муҳим инвестор ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини, айниқса, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби товарлар, юқори технологиялар ва инфратузилма лойиҳалари йўналишида ошириш учун улкан салоҳият мавжуд.
Ўйлаймизки, Шавкат Мирзиёевнинг Қувайтга ташрифи икки томонлама ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлайди. Шундай қилиб, музокаралар якунларига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қувайт Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ Ўзбекистон-Қувайт кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, Саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга баённома, Меҳнат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Туризм соҳасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Кўп сонли учрашувлар чоғида жадал сиёсий алоқалар ва идоралараро алмашинувлар, ўзаро савдо ва сармоя ҳажми муттасил ошиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жумладан, 2024 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилиб, қатор муҳим ишбилармонлик тадбирлари ташкил этилган эди.
Савдо-иқтисодий, сармоявий, инновацион ва молиявий-техникавий соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестицион платформа ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни яратиш, шунингдек, Ал-Қувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди. Янги Ҳамкорлик дастури доирасида Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан лойиҳалар портфелини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
2025 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Фикримизча, ташрифнинг амалий натижалари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Жумладан, Шавкат Мирзиёев ўз қароргоҳида «Gulf Care General Trading», «Kuwait Investment Company», «Al Imtiaz Investment Group», «Action Group Holdings», «Agility Logistics» каби компаниялар раҳбарларини қабул қилди.
Ушбу учрашувлар давомида қуйидаги компанияларнинг лойиҳаларини амалга ошириш бўйича режалар қўллаб-қувватланди: «Gulf Care General Trading» компаниясининг мамлакатимиз ҳудудларида тиббий хизматлар кўрсатиш ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича, «Kuwait Investment Company»нинг таълим, инфратузилма, агросаноат соҳаси, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича «Al Imtiaz Investment Group»нинг озиқ-овқат экинлари етиштириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кўчмас мулк қуриш объектлари қуриш бўйича, «Action Group Holdings»нинг Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари ва ижтимоий уй-жойлар қуриш, минерал ресурсларни қайта ишлаш бўйича лойиҳалари, Кўрфаз мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали етказиб бериш учун Ўзбекистонда қўшма логистика марказини яратиш имкониятлари.
Умуман олганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ таклифига биноан ушбу мамлакатга амалга оширилган расмий ташрифи муваффақиятли ва самарали бўлиб, мамлакатимизнинг пухта ўйланган ташқи сиёсий йўналишини ўзида акс эттирди. Шу тариқа, ташриф давомида “яшил” энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳалари амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Ишончимиз комилки, мамлакатларимиз ушбу режаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун зарур салоҳиятга эга.
Актам ХАИТОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси